Назарбоев Россия, Беларусь ва Қирғизистон президентларини Назарбоев ордени билан тақдирлади

Нурсултон Назарбоев қирғиз президенти Сўўрўнбай Жээнбековга орден топширмоқда.

Қозоғистон муваққат президенти Қосимжўмарт Тўқаев 28 май куни Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков, Россия президенти Владимир Путин ва Беларусь президенти Александр Лукашенкага Нурсултон Назарбоев орденини топшириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармонда айтилишича, президентлар “Евросиё иқтисодий интеграцияси ғоясининг 25 йиллиги, Евросиё иқтисодий иттифоқи ташкил этилганининг 5 йиллиги муносабати билан ҳамда Қозоғистон билан муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссалари учун” тақдирланди.

Назарбоев орденини Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев шахсан ўзи топширди.

Россия, Беларусь ва Қирғизистон президентлари Нурсултонга 28-29 май кунлари ўтадиган Евросиё иқтисодий иттифоқи Олий кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун борган эди.

19 мартда мамлакатни қарийб 30 йил бошқарган президент Нурсултон Назарбоев истеъфо бергани ортидан 20 март куни Қосимжўмарт Тўқаев Қозоғистон муваққат президенти сифатида қасамёдга келтирилган.

79 яшар Назарбоев президентликдан истеъфо берганига қарамай, Қозоғистон Хавфсизлик Кенгаши ва иқтидордаги "Нур-Отан" партияси раиси бўлиб қолмоқда.