Москва БМТ Халқаро трибуналининг қарорини бажаришдан бош тортди

Россия қамоққа олган украин денгизчилари Москва судида.

Москва суди 27 май куни ўтган йилнинг ноябрида қўлга олинган 24 нафар украин денгизчисини қамоқда сақлаш муддатини узайтирди ва бу билан БМТ қошидаги Халқаро трибунал қарорини бажаришдан бош тортди.

БМТнинг Гамбургда жойлашган Денгиз қонунлари бўйича халқаро трибунали 25 май куни Россия Украинанинг кемаларини ва денгизчиларини Украинага қайтариши шарт, деган қарорни чиқарган эди.

2018 йилнинг 25 ноябрида Керч бўғозида Россия кучлари чегара бузилганини иддао қилган ҳолда Украина ҳарбий-денгиз кучларига қарашли учта кема ва улардаги 24 нафар денгизчини қўлга олиб, қамаб қўйган эди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги “Керч бўғозидаги инцидентга” БМТнинг денгиз қонунчилиги бўйича конвенциясини татбиқ қилиб бўлмайди, деб ҳисобламоқда.