“Жанговар ҳамдўстлик – 2019” шиори остида 20 май куни Ўзбекистон – Беларусь махсус бўлинмаларининг ҳамкорликдаги машғулотлари бошланди.
Мудофаа вазирлигининг билдиришича, 19 май куни Беларусь билан илк марта ўтказилаётган мазкур машғулотларнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Машғулотлар 27 майгача Шарқий ҳарбий округнинг “Ғурумсарой” дала-ўқув майдонида ўтказилади.
Президент Ислом Каримов даврида халқаро ҳамкорлик ва қўшма машғулотлар учун асосан ёпиқ бўлган ўзбек армияси мамлакатда ҳокимият алмашган 2017 йилдан бошлаб бу каби машғулотларда иштирок эта бошлади.
Жорий йилнинг апрелида Фориш полигонида Туркия ва Покистон ҳарбийлари билан ўқув машғулотлари ўтказилган.
2017 йилнинг октябрида 2005 йилдан бери биринчи марта Россия билан, 2018 йилнинг июлида Қозоғистон, 2018 йил сентябрида Франция ва Тожикистон билан ҳарбий машғулотлар ўтказилган эди.