Туркия Эрон нефтидан воз кеча олмаслигини билдирди

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли АҚШнинг Эронга нисбатан санкциялари турк иқтисодиётига сезиларли тарзда салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

Чавушўғлининг 2 май куни Анқарада ўтган брифингда айтишича, Туркия Эрон нефтидан воз кеча олмайди.

-Агар бошқа давлатлардан нефть сотиб оладиган бўлсак, нефтни қайта ишлаш заводларимиз технологиясини янгилашимиз зарур бўлади. Бу эса нефтни қайта ишлаш заводларининг иши тўхтаб қолишига сабаб бўлади. Албатта, бу нарса зиён келтиради. Қандай нуқтаи назардан қарасангиз ҳам, барибир АҚШнинг бир томонлама санкциялари барчамиз учун зарар келтиради, - деди Чавушғли.

2 май куни АҚШнинг Эрондан нефть сотиб олишни тўла тақиқлаш тўғрисидаги қарори кучга кирди.

2 майга қадар Хитой, Греция, Ҳиндистон, Италия, Япония, Жанубий Корея, Тайвань ва Туркия Эрондан нефть сотиб олишига рухсат берилган эди.

Агар бу давлатлар бундан буён Эрон нефтини сотиб олишда давом этсалар, АҚШ уларга нисбатан санкциялар жорий этади.