Африка жануби -шарқида Идай довули оқибатида камида 230 одам ҳалок бўлди. Довул 18 март куни Мозамбик, Зимбабве ва Малави давлатларига ёпирилди. Ўнлаб одамлар бедарак йўқолгани хабар қилинди.
Мозамбикда катталиги бўйича тўртинчи ўринда турадиган ва 530 минг одам яшайдиган Бейра шаҳрининг 90 фоизи вайрон бўлган. France Рress агентлиги Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятига таянган ҳолда мана шундай хабар тарқтади.
Ройтерс агентлигининг хабар беришича, Мозамбик президенти довул қурбонлари сони минг нафарга етиши мумкинлигидан ташвиш билдирган.
Ҳозиргача Мозамбикда 84, Зимбабведа 98, Малавида 56 одам ҳалок бўлгани, бир неча юз одам бедарак йўқолгани айтилмоқда. Малавида 11 мингта уй сув остида қолди.
Довулдан жабрланган туманларга етиб бориш имконияти бўлмаяпти. Чунки бу ҳудудларнинг асосий қисми сув остида қолган, йўллар вайрон бўлган ва алоқа воситалари узилган. Об-ҳаво шароити ҳам қутқарув ишларининг тезкор олиб борилишига тўсқинлик қилмоқда.
2000 йилнинг февралида ҳам Мозамбикда Элин довули юз берган эди. Ўшанда довулдан 350 одам ҳалок бўлган, Африка жанубидаги давлатларда 650 минг одам уйсиз қолган эди.