ЕХҲТ армани-озарбайжон саммити олдидан “вазиятни юмшатиш”га чақирмоқда

Халқаро воситачилар Озарбайжоннинг бўлгинчи Тоғли Қорабоғ вилояти билан боғлиқ чўзилиб кетган можарони ҳал этиш йўлларини изламоқда.

Улар Арманистон ва Озарбайжон раҳбарларини яқин орада бўлиб ўтилиши кутилаётган музокара олдидан “ўша жойдаги вазиятни жиддий тарзда ўзгартиришга ундовчи” баёнот ва хатти-ҳаракатлардан тийилиб туришга чақирмоқда.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) вакили 9 мартда шу ҳақда баёнот тарқатди. Унда “Минск гуруҳи”нинг ҳамраислари “самарали муҳокамаларга эш бўлувчи шароитни қўллаб-қувватлаш ва жабҳада сўнгги кезларда қурбонлар бўлмаганини ижобий баҳолаш” муҳим эканини қайд этгани билдирилади.

Жорий ой бошида АҚШ, Россия ва Франция воситачилари икки раҳбар музокараларни давом эттиришга рози бўлганини эълон қилди. Аммо орадан бир-икки ўтиб, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев бир-бирини айблаб чиқди.

Озарбайжон билан Арманистон кўп йиллардан бери Тоғли Қорабоғ масаласида ўзаро уруш ҳолатида бўлиб келмоқда. Ушбу ҳудудни Арманистонга орқа қилувчи кучлар босиб олган ва бу урушда 30 мингдан ошиқ кишининг ёстиғи қуриган, 1994 йилга келибгина оташкесимга эришилган.

У ерда ҳамон ўқтин-ўқтин тўқнашувлар содир бўлиб туради. Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳал этишга қаратилган 30 йиллик дипломатик саъй-ҳаракатлар деярли натижа бермади.