"Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик жамияти матбуот хизмати чиптаси бўлмаган кекса аёлни автобусдан тушириб юборган ҳайдовчи ва чиптачига ҳайфсан берилганини хабар қилди.
Куни кеча чиптаси бўлмаган аёлга қўполлик қилган ва охир-оқибатда, уни автобусдан тушириб юборган ҳайдовчи ҳамда чиптачи акс этган видео тармоқларда шов-шув бўлди.
Жамият матбуот хизматининг Telegram каналида берилган маълумотга кўра, ижтимоий тармоқларда норозиликка сабаб бўлган воқеа 51-йўналишда қатнаётган автобусда содир бўлган.
"Албатта, ҳайдовчи ва чиптачи касб одобига риоя этмагани, муомала маданиятини бузганлиги, йўловчига қўпол муомалада бўлгани учун тўла айбдор... Ҳайдовчи ва чиптачига нисбатан хайфсан эълон қилинди. Бироқ ҳайдовчи ва чиптачи сўзларига кўра, кекса аёл ўзи айтганидек биринчи марта эмас, балки бир неча марта автобусда бепул юрган. Аёл автобусдан текин фойдаланиш ҳуқуқи борлигини айтган. Аммо бунга ҳеч қандай асос мавжуд эмас", деб хабар қилди АЖ матбуот хизмати.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 144-моддасига асосан шаҳар ичида ва шаҳар атрофида қатнайдиган автобусда чиптасиз юрганлик учун энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисми миқдорида жарима белгиланган.
Аммо, "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик жамияти матбуот хизматига кўра, шу кунгача бу каби йўловчилардан умуман жарима ундирилмаган ва автобусларда чиптасиз юришга уринаётган йўловчилар ҳамон кўплаб учрайди.