Туркманистон ҳукумати илм-фанни молиялаштиришни тўхтатмоқда

Иллюстратив сурат.

Туркманистон ҳукумати уч йил давомида босқичма-босқич Фанлар Академиясини молиялаштириш тўхтатилишини маълум қилди.

Фанлар Академияси таркибида 26та илмий тадқиқот институти ва Сейсмология давлат хизмати бор. Бундан ташқари Олий аттестация комиссияси, 17та олий мактаб, 2та тиббиёт илмий тадқиқот маркази, 1 кутубхона ва 2 босмахона ҳам Фанлар Академияси қошида фаолият юритади.

Фанлар Академияси собиқ президент Сапармурод Ниёзов томонидан 1998 йилда тарқатиб юборилган эди. 2009 йилда амалдаги президент Гурбангули Бердимуҳаммедов Фанлар Академияси фаолиятини тўлиқ қайта тиклаганди. Туркманистон Фанлар Академияси 1951 йилда ташкил этилган.

Хабарларда айтилишича, Туркманистон ҳукумати бундай қарорни мамлакатда авж олиб бораётган иқтисодий инқироз ортидан қабул қилган.

2014 йилдан бошлаб углеводородларга бўлган жаҳон нархи туша бошлагани оқибатида Туркманистон иқтисодиёти оқсай бошлади.