Санъат арбоби, бастакор Анор Назаров 68 ёшида узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги 16 январда маълум қилди.
Анор Назаров 1950 йил 5 июнда Тошкент вилояти Бўка туманида туғилган. Мухтор Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясини тамомлаган.
1968−1985 йилларда Алишер Навоий номидаги Катта театр оркестри солисти, 1985−1987 йилларда Тошкент шаҳар мусиқа ансамбллари жамоаси бош дирижёри, 1986−1996 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси эстрада-симфоник оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри, 1996−2000 йилларда «Ўзбекнаво» бирлашмаси бош директори, 2000−2002 йилларда эса бадиий раҳбари лавозимларида фаолият юритган.
Анор Назаров 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби унвони, 1997 йилда Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти ва 2008 йил «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.
Анор Назаров «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» , «Ватан азиздир», «Жон Ўзбекистон» , «Ифтихор», «Яшнар баҳорим», «Она юрт», «Баркамол авлод», «Ўзбекистон муштарак» , «Гўзал Тошкент», «Юрт қадри» , «Азиз одамлар» , «Изҳор» каби 120 дан ортиқ қўшиқларнинг муаллифидир.