7 январь куни Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрида оммавий муштлашув вақтида юз берган қотилликни изоҳлади.
У журналистнинг саволига жавоб берар экан, марҳумнинг қариндошларига таъзия билдирди ва Арманистондаги ахборот воситаларини «фақат диққат билан ўрганилгандан кейингина» ахборот тарқатишга чақирди.
"Менга маълум қилишларича, можарода иштирок этганлар моноэтник бўлмаган. Муштлашганлар орасида этник қозоқ ҳам бор эди, шу сабабли бу ерда миллатчилик бўлиши мумкин эмас", - деди Пашинян.
Бундан аввалроқ Арманистон ташқи ишлар вазири Шаварш Кочарян баёнот бериб, Арманистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси 3 январь куни тарқатган баёнотида фуқаролар фақат расмий манбаларга таянишлари ва нотўғри маълумотларни тарқатмасликлари таъкидланганини маълум қилди. Элчихона баёнотида нотўғри маълумотлар "жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш манбаи бўлиши мумкинлиги" ва "юз берган маиший ҳодиса миллатлараро можарога айланиб кетиши мумкинлиги" қайд қилинган.
Қарағанда вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, биринчи январга ўтар кечаси Қарағандадаги ресторанлардан бирида чиққан жанжал оммавий муштлашувга айланиб кетган, бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна уч киши тан жароҳати олган.
Қарағанда вилоят ҳокимлигининг баёнотига қараганда, муштлашганларнинг тўққиз нафари аниқланиб, улардан саккиз нафари ҳибсга олинди. Бир нафари қидирувга берилди. Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари муштлашувнинг миллатлараро низо экани борасида тарқатилган хабарларни инкор қилди.
6 январь, якшанба куни Қарағандада юзлаб фуқаролар кўчаларга чиқиб ҳукуматдан оммавий муштлашув билан боғлиқ ҳодиса юзасидан изоҳ берилишини талаб қилди. Айрим иштирокчилар «жиноят айбдорлари жазодан қутилиб қолишидан» хавотир билдирди. Тўпланганлар билан вилоят ҳокими Ерлан Кошанов учрашиб, қочиб кетган бош гумондор икки-уч кун ичида қўлга олинишини маълум қилди.