ЕХҲТ Арманистонда ўтган сайловни ижобий баҳолади

ЕХҲТнинг Арманистондаги сайловни кузатган миссияси раҳбари Урсула Гашек.

Арманистонда навбатдан ташқари парламент сайловлари демократик тамойилларга риоя қилинган ҳолда ўтказилди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти сайловга мана шундай баҳо берди.

-Бугун мен мамнуният билан мазкур сайлов юзасидан ўта муҳим хулосани эълон қилмоқчиман. Бугун Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги нишонланаётган бир пайтда бу гапни гапириш ниҳоятда мароқли: бу сайловда фундаментал ҳуқуқлар ва эркинликларга амал қилинди,-деди ЕХҲТнинг Арманистондаги сайловни кузатган миссияси раҳбари Урсула Гашек.

Арманистон Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, 9 декабрда ўтган сайловда бош вазир вазифасини бажарувчи Николь Пашинян раҳбарлигидаги «Менинг қадамим» альянси 70,4 фоиз овоз олган.

Пашинян ҳокимиятга келгунига қадар ҳукумронлик қилган Республика партияси эса 4,7 фоиз овоз олиб парламент ўринларига эгалик қилиш учун зарур бўладиган 5 фоизли меъёрдан ўта олмади.

«Менинг қадамим» альянсининг асосий рақиби «Гуллаётган Арманистон» партияси сайловчиларнинг 8,3 фоиз овозига эга бўлди.