Ашхободда велосипедга ҳайкал ўрнатилади

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Велосипед куни муносабати билан очилажак ҳайкал дизайнини тасдиқлади. Мазкур ҳайкал Ашхободнинг Чандибил ва Бекреве шоҳкўчалари кесишган жойдаги айлана чорраҳага ўрнатилиши кутилмоқда.

Туркманистонда велосипед спорти давлат даражасида тарғиб қилинади.

Сўнгги йилларда давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов ва хукумат аъзолари иштирокида оммавий велопойгалар мунтазам равишда уюштириб келинмоқда. Бу каби тадбирларга давлат хизматчилари, талабалар ва ўрта мактаб ўқувчилари жалб қилинади, улар ўз ҳисобларидан велосипед ва спорт либослари сотиб олишлари керак бўлади.

Бу йил Туркманистонда илк бор давлат миқёсида Велосипед куни нишонланди. Ўшанда президент Бердимуҳамедов Ашхободдаги марказий майдонлардан бирига ҳайкал ўрнатиш ташаббуси билан чиқиб, “велосипед ҳайкали келгуси йилнинг 3 июни – Жаҳон велосипед куни очилса, нур устига нур бўлиши”ни қайд этганди.