Арманистон парламенти 24 октябрь куни ўтган овоз беришнинг биринчи босқичида Никол Пашинянни бош вазир лавозимига сайламади.
Озодликнинг арман хизмати хабарига кўра, сайловда Пашинян ягона номзод эди. Унинг номзоди “Елк” парламент фракцияси томонидан илгари сурилган. Чоршанба кунги сайловда парламентдаги уч фракция овоз беришдан бош тортди, "Елк" фракцияси эса бетараф қолди. Пировардида Пашинянни ёқлаб ҳеч қайси депутат овоз бермади, 1 депутат қарши овоз берди, халқ вакилларининг 11 нафари бетараф қолди.
Арманистон парламентида бош вазир сайлови бўйича овоз беришнинг иккинчи босқичи 1 ноябрь куни бўлиб ўтади.
16 октябрь куни бош вазир Пашинян таркибида ҳамон мухолифлари кўпчиликни ташкил этган парламентни тарқатиш ва муддатидан аввал сайловлар ўтказиш мақсадида ўз истеъфосини эълон қилганди.
Агар депутатлар бир ҳафта давомида янги бош вазирни сайлай олишмаса (Пашинян ва унинг тарафдорлари айнан шунга эришмоқчи бўлаяпти), парламент тарқатиб юборилади. Воқеалар шу тариқа ривожланган тақдирда парламентга муддатидан олдин сайлов декабрь ойининг биринчи ярмида ўтказилади.