“Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятининг мулозимлари ва ходимларига жума кунлари хизмат машиналаридан фойдаланиш тақиқланди.
Жамият сайтида берилган хабарда: "Бундан кўзланган асосий мақсад ҳар бир раҳбар оддий йўловчи сифатида автобусда кечадиган жараёнларни бевосита кузатсин, у ердаги муаммоларни юракдан ҳис этсин", дейилади.
Шунингдек, шу йўл билан “Тошшаҳартрансхизмат” ҳайдовчилари ва чиптачиларининг ишга муносабати ҳам назорат қилиниши таъкидланган.
Тошкентда жамоат транспортидаги тирбандлик, автобусларнинг жадвалдаги вақтдан кечикиши, шунингдек, сўнгги йилларда жамоат транспортидаги носозлик боис, ёнғинлар кўп кузатилмоқда.
"Ушбу ташаббусдан кўзланган яна бир муҳим жиҳат жамият томонидан пойтахт йўлларидаги транспорт тирбандлигининг олдини олишга, атмосфера мусаффолигини таъминлашга ҳисса қўшишдир", дейилади “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти расмий сайтида.