"Тошшаҳартрансхизмат"ни 10 кунда ислоҳ қиламан, деган раҳбар ишдан бўшатилди

Тошкент шаҳридаги автобус, президент сайлови пайтида

Шу йилнинг 12 майида "Тошшаҳартрансхизмат" ширкати раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Мирҳосил Холматов 19 май куни лавозимидан бўшатилди.

Компания матбуот хизматига таянган Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, ўтган қисқа вақт мобайнида "бошқарув раиси вазифасини бажарган Холматов кўпгина топшириқларни ходимларнинг лавозим йўриқномаларида белгиланган вазифалар бўйича эмас, балки ўзининг субъектив қарашларидан келиб чиқиб берган".

Шунингдек, ўтказилган йиғилишларда қисқа вақт (10 кун) ичида йўловчи ташиш транспорти фаолиятини тубдан ўзгартириш юзасидан, жумладан "ойлик йўл чипталари бўйича қимматбаҳо совринлар берилиши каби, юзаки ўйланган, чуқур таҳлилларга асосланмаган ҳолда вазифалар берилган", деб хабар қилмоқда нашр.

Sputnik нашрининг ёзишича, бир ҳафталик раҳбар Мирҳосил Холматов Тошкентнинг ҳар бир автобусида учтадан вентилятор ўрнатиш, ҳайдовчилар ўрнини эса махсус, қуёшдан ҳимоя қилувчи пардалар билан жиҳозлаш, шаҳар автобуслари иш тартибини тонг 04:30дан тунги 00:00 га қадар узайтиришни таклиф қилган.

Бундан ташқари, бир ойлик "проездной" сотиб олганлар орасидаги лоторея ўйинида "500 мингинчи чипта сотиб олганга Тошкентдан 2 хонали квартира, 300 мингинчи чипта сотиб олган фуқарога "Каптива" автомобили" ваъда қилингани айтилмоқда.