Тошкентда сўнгги уч йилда Mercedes Benz Conectо русумидаги 14та йўловчи ташувчи автобус ёниб кетган.
Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб хабар берган Kun.uz нашрнининг ёзишича: “2013 йил мартидан 2016 йил қишигача Тошкентда 14та автобус ёниб кетган. Шу йилнинг февралида 2та, июль ойида яна 2та, июнь ва август ойларида эса яна бир мартадан автобус ёниши кузатилди”.
Сўнгги ўн кун ичида эса иккита автобус ёнган. Биринчи ҳодиса 14 декабрда, иккинчи воқеа 24 декабрда юз берди. Шундан келиб чиқилса, 2016 йилда 8 марта автобус ёнган.
Бу ёнғинларда қурбонлар бўлмаган. Ёнғинлар ҳақидаги хабарларда жабрланувчилар ҳақида ахборот берилмаган.
“Бундай ҳодисалар сабаби сифатида — автобусларнинг конструкциявий жиҳатдан маҳаллий шароитга мослашмагани, сифатсиз эҳтиёт қисмлар ишлатилиши, техник хизмат сифати пастлиги бўлиши мумкинлиги айтиб келинади”, деб ёзади Kun.uz.