Муғаннийнинг сўнгги китоби у дафн этилганидан бир кун ўтгач китобхонлар қўлига етиб борди.
"Шоир билан суҳбат" рукнидаги навбатдаги дастуримиз ўзбек оламида хасос ва ориф шиор сифатида танилган ҳамда Муғанний тахаллуси билан ижод қилган Ғанижон Холматов хотирасига бағишланади. Муғанний шу йилнинг 9 июнида сўнгги манзилга кузатилди. Унинг Шерали Жўраев ва бошқа ўнлаб санъаткорлар томонидан куйга солинган шеърлари ўзбекнинг ҳар бир хонадонига кириб борган.
“Шоир билан суҳбат” деб номланган дастуримиз икки йил олдин Муҳаммад Солиҳ билан бошланиб, Авлиёхон Эшон суҳбати ортидан якун топган эди. Бу дастур доирасида ўндан ортиқ шоирлар билан суҳбатлашган эдик. Афсуски, икки йиллик танафуссдан сўнг бошланган “Шоир билан суҳбат” дастуринигнг иккинчи мавсумида биз бугун бевосита шоир билан суҳбатлаша олмаймиз, аксинча, шоир ҳақида суҳбатлашамиз. Менинг бугунги суҳбатдошларим ўшлик таниқли ижодкорлар Даврон Ҳотам ва Раҳимжон Али.
Суҳбатимиз аввалида Муғанний - Ғанижон холматовнинг ҳаёт йўли ҳақида қисқача гапириб ўтсак. Ғанижон Холматов 1949 йил 5 февралида Ўшда таваллуд топганди. 1966 йили ўрта мактабни битиргач, Тошкент театр ва рассомлик санъати институтига ўқишга кирган. 1970 йили Бобур номидаги Ўш ўзбек мусиқали драма театрига ишга кирган ва 2007 йилгача бу даргоҳда актёр, режиссёр ва бош режиссёр бўлиб ишлаган.
Муғаннийнинг “Суянганим тор бўлди”, 2 китобдан иборат “Юз пора дил”, “Сен кетдинг аста-аста”, “Қазо дарслари” каби китоблари ёруғ кўрган. Шоир “Юз пора дил”нинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи китоблари, 500 ғазални жамлаган “Арузий армонлар” номли девон, “Руҳнинг кўз ёшлари”, “Қазо дарслари”нинг иккинчи жилдини нашрга тайёрлаб қўйганди. Шунингдек, унинг “Куйдан куёв кутган қиз” деган қўшиқлар тўплами ҳам чоп этиш учун тайёр эди.
Шоир шеърларига басталанган қўшиқларни Шерали Жўраев, Хайрулло Лутфуллаев, Муҳриддин Холиқов, Охунжон Мадалиев каби ўнлаб санъаткорлар ижро этган. Ғанижон Холматов 2014 йилнинг 8 июнида вафот этди ва 9 июнь куни дафн этилди.