Қирғизистонда 2010 йил воқеаларида милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азимжон Асқаров адвокатлари орқали қамоқхонадан 11 саҳифали мурожаат чиқарди. БМТ, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, Нью –Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда АҚШ, Германия, Франция элчихоналарига юборилган очиқ мурожаатда Азимжон Асқаров қамоқхонада ўлим таҳдиди остида яшаётганини ёзган.
Асқаров: "Менинг ўлдирилишим учун пул тўлашга тайёр кучлар бор"
Азимжон Асқаровнинг ёзишича, уни “қамоқхонада ўлдирилиши учун пул тўлашга тайёр кучлар борлиги” реалликка яқиндир. Мурожаатда Асқаров бу шахслар кимлар бўлиши мумкинлиги ва уларга унинг ўлими нима учун кераклиги ҳақида ҳам ёзган. Бироқ Асқаровнинг адвокатлари юридик масалалардан келиб чиққан ҳолда бу маълумотларни ҳозирча ошкор қилмай турилишини илтимос қилмоқдалар.
Асқаров ўз мурожаатида унга қўйилган айбловларни ва суд ҳукмларини тан олмаслигини ёзган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Асқаров ўзини "Ёлғон детектори"да текширишларини талаб қилди
“Халқаро ҳамжамиятдан Қирғизистон ҳукуматига мени “Ёлғон детектори”да текшириш ишларини тезлатишни сўрашларини илтимос қиламан. Бу ташаббус Қирғизистон Бош прокуратураси томонидан кўтарилган ва у 30 кун ичида амалга оширилиши керак. Бу талабим бажарилмаган тақдирда мен ўзимнинг ноқонуний қамалишимдан нафақат Азимбек Бекназаров, балки ҳукумат ҳам манфаатдор бўлган, деб ҳисоблайман”, дейилади мурожаатда.
Мурожаатда эслаб ўтилган Азимбек Бекназаров 2010 йилда Муваққат ҳукумат таркибида ҳуқуқ-тартибот органлари ишини мувофиқлаштирган эди.
Исмоилова: "Қирғиз ҳукумати Ўш қирғинида ноҳақ қамалганларни оқлаш учун сиёсий иродага эга эмас"
Бишкеклик ҳуқуқ фаоли Тўлайкан Исмоилова Қирғизистон ҳукумати Азимжон Асқаров талабларни бажара оладиган даражада сиёсий иродага эга эмас деб ҳисоблайди.
-Ҳозирча 2010 йилдан жабрланганлар, жумладан, Азимжон Асқаров масаласида ҳукуматнинг сиёсий иродасини кўрмаяпмиз. Шундан келиб чиқиб, биз- барча ҳуқуқ фаоллари “Ёлғон детектори” ташаббусига ишончсизлик билан муносабат билдирамиз. Чунки бу машина ва уни хоҳлагандек ишлатишлари мумкин, -деди Тўлайкан Исмоилова.
Унинг айтишича, 3 март куни бишкеклик ҳуқуқ фаоллари Бош прокуратурани Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш масаласида ноқонуний жавоб ёзганликда айблаб судга берганлар.
-Ўтган йилнинг 6 майида биз жуда объектив маълумотларни тақдим этганимиздан сўнг Бош прокуратурада Асқаров масаласида махсус ишчи гуруҳи ташкил этилди. Бу ишчи гуруҳи 9 ой ишлаб, шу йилнинг 24 февралида бизга жавоб берди. Жавоб ҳати мутлақо қонун талабларига зид ва бу хатда Азимжон Асқаровни ҳимоя қилаётган ҳуқуқ фаоллари қораланган холос. Асқаровнинг гуноҳсизлиги борасида тақдим этилган бирорта факт ўрганилмаган. Биз кеча бу масалада Бишкек шаҳар Свердловск туман судига ариза киритдик. Шикоятда Бош прокуратура Асқаровга нисбатан Конституция моддаларини ва қонунларни бузаётганини ёздик, -деди Тўлайкан Исмоилова.
Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Асқаровнинг мурожаати ва ҳуқуқ фаолларининг судга шикоят киритгани масаласида ҳеч қандай маълумот йўқлиги муносабати билан Озодлик радиосига изоҳ беришдан тийилди.