Ўзбекнинг паловхонтўраси мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари орасида ўзига хос брендга айланиб бормоқда.
Москвада ва бошқа шаҳарларда «узбекский плов» деган махсус ошхоналар очиляпти.
Тошкентда TVM телеканали ўтказган “Ошга марҳамат-2” лойиҳасида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келган 32 нафар ошпазлар орасида самарқандлик ошпаз Абдуманнон Нусратов ғолиб бўлди.
Озодлик бу ҳақда мақола чоп қилгандан сўнг, шарҳ қолдираётган ошхўр муштарийлар кимнинг оши зўр, мавзуида баҳсга киришиб кетдилар.
“Тошкент оши олдида самарқандликлар ҳам, водийликлар ҳам дамини олсин. Ошнинг зўри тошканчасига бўлади. Зираворлари билан, нўхатлари билан, қазиси билан. Бундай ошни кўрган одамнинг ўзи ҳали емай туриб оғзидан суви оқиб кетади. Так что, қолганларга дам! “
Бугунги Баҳс майдонида ўзларини энг зўр ошхўрлар деб танитган андижонлик 44 ёшли Ботиржон, тошкентлик 55 ёшли Шуҳрат Рустамов ва самарқандлик 32 ёшли Жамшид иштирок этади.