Виждон тутқунлари

Мамадали Маҳмудов 1999 йилда Ўзбекистон президентини ҳақорат қилганлик, Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик айблари билан 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ўшандан бери ҳам маҳаллий, ҳам халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Ўзбекистон ҳукуматидан ҳозир 67 ëшга кирган Мамадали Маҳмудовни озод қилишни сўраб келмоқда. Аммо бундай сўровлар ҳозирча сувга отилган тошдек жимжит ва жавобсиз қолмоқда. Ҳозирда УЯ 64/71 жазони ўташ муассасасида сақланмоқда.

Муҳаммад Бекжон 1999 йилнинг феврал ойида Тошкентда бўлган портлашларга алоқадорликда айбланиб, суд қарорига кўра 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳнинг укаси Муҳаммад Бекжон айни пайтда Қашқадарё вилоятидаги Косон қамоқхонасида сақланмоқда. 52 яшар Бекжоннинг қамоқда силга чалингани айтилмоқда.

1958 йили Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида туғилган Рашид Бекжон мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳнинг укаси. У 1999 йилнинг февралида, Тошкентдаги кетма-кет портлашлардан саноқли кунлар ўтиб қамоққа олингунга қадар фермерлик билан шуғулланган. 1999 йили Рашид Бекжон Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик каби оғир жиноятларда айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. Ҳозир Навоийдаги 64/46-жазони ўташ муассасасида сақланмоқда.

Машҳур ислом уламоларидан бири Абдували қори Мирзаевнинг дом-дараксиз йўқолганига 10 йил тўлди. Андижондаги Жомеъ масжиди имом хатиби бўлган Мирзаев 1995 йил 28 августда Тошкент аэропортидан Москвага учишга чоғланганича дараксиз кетган. Ўзбекистон МХХ даги айрим манбалар¸ Абдували қорининг ҳамон тирик экани ва махсус хизматлар қўлида сақланаëтганини даъво қилади.

Mухолифатдаги “Бирлик” ҳаракати аъзоси, 1992 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон тумани бўлими раҳбари Норбой Холжигитов 2005 йилги Андижон воқеаларидан кўп ўтмай¸ порахўрлик ва товламачиликда айбланиб ҳибсга олинди ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Қаршидаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган 60 ёшли Норбой Холжигитовнинг саломатлиги оғир аҳволда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти раҳбари Аъзам Фармонов 2006 йилнинг 19 апрелида пора олганлик aйби билан ҳибсга олиниб¸ 26 апрел куни 9 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳозирда жазони Жаслиқ қамоқхонасида ўтамоқда.

2003 йилдан бошлаб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани бўлимига раҳбарлик қилган Алишер Кароматов 2006 йил апрелида пора олганликда айбланиб, ҳибсга олинди ва 9 йил озодликдан маҳрум этилди. Қарши шаҳридаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган Кароматовнинг соғлиги ёмонлашгани боис Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасига жўнатилгани айтилмоқда.

50 ёшли шоир Юсуф Жума 2007 йил декабрда президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилиб ўтказган намойишлардан сўнг ҳибсга олинган эди. Юсуф Жума ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш ва милиция ходимларига тан жароҳати етказишда айбланиб¸ 5 йилга озодлик маҳрум этилди. Ҳозирда Қорақалпоғистондаги Жаслиқ қамоқхонасида жазо муддатини ўтамоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғунов 2008 йилнинг 11 июл куни ҳибсга олиниб¸ 23 окябр куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165- моддаси - товламачилик банди бўйича айбдор деб топилди ва 10 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилди. Турғуновнинг саломатлиги тутқунликда ëмонлашиб бораëтгани хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Солижон Абдураҳмонов 2008 йилнинг 10 октябр куни Нукус суди қарорига мувофиқ наркотик моддалар сотишга уринганликда айбланиб¸ 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 19 ноябр куни Қорақалпоғистон Олий суди¸ Абдураҳмоновнинг шикоят аризасини кўриб чиқиб¸ ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.

Журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид 2009 йилнинг 22 февралида Тошкент шаҳрида қамоққа олинди.Самарқанд вилоят Тойлоқ туман суди 30 июл куни Дилмурод Саййидга 12,5 йиллик қамоқ жазоси тайинлади¸ 11 сентябр куни туман аппеляция суди эса бу ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.5 ноябр куни Навоийдаги қамоқхонага бориб Дилмурод Саййид билан учрашмоқчи бўлган унинг рафиқаси Барно Жуманова ва олти яшар қизчаси Рухшона автоҳалокатга учраб¸ фожиа жойида ҳалок бўлдилар.